Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№29, 14.07.2016

ОТА-ОНА РИЗОЛИГИ - БАНДАНИ ИККИ ДУНЁ САОДАТИГА ЕТКАЗАДИ

Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Роббининг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббининг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир", - дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг розилигини умид этган ҳар бир инсон ота-онаси ким, қандай инсон бўлишидан қатъи назар уларнинг розилигини топишлиги лозим. Динимиз таълимотига эътибор берсак, ота-онанинг хизматини адо этмоқлик ҳатто, баъзи фарз ибодатлардан ҳам аввалга қўйилгандир.

Уламоларимиз томонидан "Анвонул-маносик" асари асосида нашр этилган "Ҳаж фатволари мажмуаси" китобида келтирилган қуйидаги битиклар ота-онанинг даражаси ва мартабаси нақадар юқори эканлигини кўрсатади. "Дейлик, ҳаж қилишга етарли маблағ тўплаган бир кишининг ота-онаси қаттиқ беморликка чалинган. Уларнинг шу фарзанддан бошқа ғамхўрлик қилиб даволатадиган ва хизматларини қиладиган кишиси йўқ. Агар ота-онасини даволатай деса, ҳажга маблағи қолмайди. Шундай ҳолатда у нима қилсин?

Шаръий ҳукмга кўра, унга ҳажни тарк этиб, ота-онасини даволатиш лозим бўлади. Мабодо, келажакда иккинчи бор сафар ҳаражатларига етадиган маблағ жамғара олмаган тақдирда ҳам гуноҳкор бўлмайди. Маблағ жамғарса-ю, ҳаж мавсуми келишидан олдин ўлим тўшагига ётиб қолса, вафотидан олдин (мазкур маблағ билан) ўз номидан ҳажжи бадалга одам жўнатиш учун васият қилиши лозим бўлади".

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)-дан ривоят қилинади:

"Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

"Қайси амал Аллоҳ таолога севимлироқ?" деб сўрадим.

"Фарз намозларни ўз вақтида адо этмоқлик", дедилар.

"Сўнг қайсиси?" дедим.

"Ота-онасига яхшилик қилмоқ", дедилар.

"Ундан сўнг яна қайсиниси севикли?", дедим.

"Сўнг Аллоҳ таоло йўлида жиҳоддир", дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу ҳадис шуни кўрсатадики, ота-онасига яхшилик қилиш Исломдаги энг улуғ ва юқори қўйилган амаллар қаторида зикр этилади. Қуйидаги ҳадисдан ҳам фарзанд олдида ота-онанинг ҳаққи нақадар улуғ эканлигини, кўриш мумкин. Ибн ат-Туфайл (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Жиъронада гўшт тақсимлаётганини кўрдим. Ўша вақтда мен ёш бола эдим. Туянинг суягини ташиб турган эдим. Бирдан бир аёл келиб қолди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашди. У зот уни кўриб ўринларидан турдилар ва унга ридоларини ёздилар. У унинг устига ўтирди. Мен:"Бу ким?" дедим. "У зот пайғамбаримизни эмизган оналари," дейишди (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ўзларини эмизган аёлга кўрсатган олиймақом ҳурматлари барчага ибрат намунасидир.

Яна Ибн Аббосдан ривоят қилинади: "Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса-ю (уларга яхшилик қилиб), унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади. Агар фарзанд ота-онадан бирини ғазабини чиқарган бўлса, ундан улар рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмайди", деди. "Ота-она унга зулм қилган бўлсалар ҳамми?" дейишди. "Зулм қилган бўлсалар ҳам", деди".

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан эса қуйидаги ривоят келтирилади: "Бир киши йиғлаб қолган ота-онасини ташлаб, ҳижрат қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига байъат беришга келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Уларнинг олдига қайтгин ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин", дедилар.

Мусулмон фарзанд агар ота-онаси кофир бўлсалар эътиқод, дину-диёнат масаласида итоат этмагани билан уларга ширин муомалада бўлиши, дунёвий эҳтиёжларини қондириши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Саъд ибн Абу Ваққос, Саъд ибн Молик каби ота-онаси мушрик бўлган саҳобийларга ота-оналарини ҳурмат қилишга, уларга яхшилик қилишга буюрган. "Расулуллоҳ (с.а.в.): "Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади", - дедилар.

Имом Насафий тафсирларида фарзанд учун ота-онанинг мақоми шунчалар улуғки, у ота-онани номи билан чақирмай, "отажон, онажон" каби ширин сўзлар билан мурожаат қилиши, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслиги, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиши лозим бўлади, деганлар.

Ота-боболаримиз ота-онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатишда ҳамиша ибрат ва намуна бўлганлар. Умар ибн Зар айтади: "Агар кундузи юрсам, ўғлим одоб юзасидан ортимда келар, кечаси эса менга бирон озор етишидан қўрқиб олдимда борар, мендан юқорида бўлмаслик учун, ҳатто мен турган уй томига ҳам чиқмас эди".

Аллоҳ таоло барчаларимизга ота-оналаримизни ҳурмат қиладиган, эҳтиром кўрсатадиган, уларнинг хизматларини адо этиб, дуоларини олиб, икки дунё саодатини топадиган бандалари қаторида бўлишликни насиб этсин.

Муфтохиддин РОЖИДДИНОВ,

Андижон шаҳридаги "Девонабой" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди